ДХХ МИБ, солиқ ва божхона ходимларини пора олаётган вақтида қўлга олди

O‘zbekiston

Тошкент вилоятида МИБ, солиқ ва божхона ходимлари пора билан қўлга олинди. Жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Очиқ манбалар

Тошкент вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари томонидан коррупцияга қарши курашишга қаратилган тезкор тадбирлар ўтказилди, натижада ижро бюроси, солиқ инспекцияси ва божхона органлари ходимлари қўлга олинди, деб хабар бермоқда ДХХ.

Жумладан, Мажбурий ижро бюросининг Қибрай туман бўлими давлат ижрочиси фуқаронинг кредит қарздорлиги сабабли хатловга олинган мол-мулкини аукцион савдоларга чиқармаслик ҳамда унга нисбатан ўзининг иш юритувида бўлган ижро ишини тугатиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилиб, муқаддам 2 минг доллар олади. Лекин давлат ижрочиси қолган 3 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда давлат ижрочисига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Зангиота туманида кузатилган ҳолатда, туман солиқ инспекциясининг шўба бошлиғи вазифасини бажарувчи шахс қурилиш моллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган оилавий корхонанинг фаолиятига раҳнамолик қилиш ва 1 йил давомида текширув ўтказмаслик эвазига 1200 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Кейинги ҳолатда эса Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Яллама» чегара божхона пости инспектор-суриштирувчиси тақиқланган товарларни тадбиркор томонидан мамлакатимизга олиб кириш бўйича содир этилган ҳуқуқбузарликни судда кўриб чиқилиши жараёнида мансабдор танишлари орқали унга енгиллик яратиб бериш ва ушбу товарларни Ўзбекистондан қайтариб олиб чиқиб кетишида ёрдам бериш эвазига 1000 доллар олган вақтида ушланди.

Терговга қадар текширув давомида божхона инспектори мазкур масалада кўмаклашиш учун муқаддам 300 доллар олгани ҳам маълум бўлди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Mavzuga oid materiallar