Джо Байден: ҳокимият ўтказилиши «тинч ва тартибли» бўлади

Dunyo

АҚШнинг амалдаги президенти Байден Трамп билан телефонда гаплашиб, уни ғалаба билан табриклади. Байден сайловлар мамлакат учун синов бўлганини ва фуқароларни ғалаба тарафдорлари ҳамда мағлубиятни бошдан кечираётганларга ажратганини таъкидлади. Шунингдек, у ҳокимият ўтказилиши тинч йўл билан амалга оширилишини айтди.

АҚШнинг амалдаги президенти Джо Байден Дональд Трамп ғалаба қозонган президентлик сайловидан сўнг америкаликларга мурожаат қилди. Байден ўз мурожаатида Трампни ғалаба билан табриклаш учун унга қўнғироқ қилганини маълум қилди ва ҳокимият ўтказилиши «тинч ва тартибли» бўлишига ишонч билдирди.

Байден сайловлар мамлакат учун синов бўлганини ва фуқароларни ғалаба тарафдорлари ҳамда мағлубиятни бошдан кечираётганларга ажратганини таъкидлади: «Сайлов кампаниялари — бу рақобатдош ғоялар мусобақасидир. Мамлакат биттасини танлайди. Биз мамлакат танлаган йўлни қабул қиламиз. Мен кўп марта айтганман: фақат ғалаба қозонгандагина ватанни севиш мумкин эмас. Фақат фикрлари мос келгандагина қўшнини севиш мумкин эмас».

Президент бу воқеа АҚШ сайлов тизимининг ҳалоллигига бўлган шубҳаларга барҳам беришига ишонч билдирди: «У ҳалол, адолатли ва шаффоф. Ғалаба қозонсак ҳам, мағлуб бўлсак ҳам, унга ишониш мумкин».

Вице-президент Камала Харрис билан суҳбатда Байден унинг «илҳомлантирувчи кампаниясини» таъкидлади ва қўшимча қилди:

«Ҳамма мен бошиданоқ ҳурмат қилишни ўрганган нарсани кўрди: унинг характери.» Байден, шунингдек, ўз жамоаси аъзолари ва Демократик партиядаги ҳамкорларига мурожаат қилиб, улар учун қийин бўлган даврда қўллаб-қувватлади: «Бу қийин давр эканлигини биламан. Сизга оғир. Мен сизни эшитяпман ва кўриб турибман. Аммо биз эришган барча ютуқларни унутманг. Бу тарихий президентлик эди, лекин мен президент бўлганим учун эмас, балки биз қилган ишлар туфайли, сиз қилган ишлар туфайли».

Камала Харрис ҳам 7 ноябрь куни мағлубиятини тан олиб, жамоаси, эри ва Байденннинг қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдириб, тарафдорлари олдида нутқ сўзлади.

«Америка демократиясининг асосий тамойили - агар биз сайловда мағлуб бўлсак, натижаларни тан оламиз. Бу тамойил демократияни монархия ёки зулмкорликдан ажратиб туради. Одамларнинг ўзига ишонишини истаган ҳар бир киши буни ҳурмат қилиши керак», — деди Харрис.

У ҳозирда кўпчиликда хавотир ҳисси бўлиши мумкинлигини тушунишини таъкидлади:

«Биламан, кўпчиликка қора кунлар яқинлашаётгандек туюлади, тан олди Харрис, — лекин умумий фаровонлигимиз учун, бундай эмас деб умид қиламан».

«Мен бу сайловдаги мағлубиятни тан олсамда, бу кампанияни озиқлантириб келган курашдаги мағлубиятни - эркинлик, имкониятлар, адолат ва барча одамларнинг қадр-қиммати учун курашни тан олмайман. Бу миллатимизнинг асосини ташкил этувчи, Американи энг яхши тарзда акс эттирадиган идеаллар учун курашдир. Бу мен ҳеч қачон воз кечмайдиган курашдир», — деди у.

Нутқини якунлар экан, Харрис «ҳозир қўлни қовуштириб ўтириш вақти эмас», аксинча, яхшироқ келажак учун ҳаракат қилиш ва фаол бўлиш вақти эканлигини таъкидлади: «Ҳозир ишга киришиш вақти. Ҳозир эркинлик, адолат ва барчамиз биргаликда қуришимиз мумкин бўлган келажак учун бирлашиш, сафарбар бўлиш ва фаол иштирок этиш вақти».

Mavzuga oid materiallar