Россияда «чайлдфри тарғиботи» тақиқланди

Dunyo

Россия Давлат думаси депутатлари «болалар туғилишидан онгли равишда воз кечишни тарғиб қилувчи» ахборотни тарқатишни чекловчи қонун ўзгаришларини қабул қилди. Қоидабузарларга катта миқдорда жарима солиш, хорижликларга эса мамлакатдан чиқариб юбориш жазоси белгиланган.

Россия Давлат думаси депутатлари иккинчи ва учинчи ўқишда «болалар туғилишидан онгли равишда воз кечишни тарғиб қилувчи» ахборотни тарқатишни чекловчи қонун ўзгаришларини қабул қилгани ҳақида парламент матбуот хизмати 12 ноябрь куни хабар берди.

Тегишли ўзгартиришлар амалдаги олтита федерал қонунга киритилди. Қабул қилинган ўзгартиришларга кўра, «бола туғишдан воз кечишни тарғиб қилувчи» маълумотлар тақиқланган сайтлар реестрига киритилади, бундай материаллардан реклама ва оммавий ахборот воситаларида фойдаланиш ман этилади. «Чайлдфри тарғиботи» акс этган фильмларга прокат гувоҳномалари берилмайди.

Давлат думаси, шунингдек, «чайлдфри тарғиботи» учун беш миллион рублгача жарима белгиловчи қонунни ҳам қабул қилди. Бундай ўзгартиришлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 6.21-моддасига («Ноанъанавий жинсий муносабатларни ва (ёки) афзалликларни, жинсни ўзгартиришни тарғиб қилиш») киритилди.

Рус православ черковининг илтимосига кўра, роҳиблик тарғиботи чайлдфрини тақиқлаш тўғрисидаги қонун таъсиридан чиқарилди. МЖтКнинг 6.21-моддасига қуйидаги изоҳ қўшилди:

Агар бундай маълумотлар ва оммавий ҳаракатлар марказлаштирилган диний ташкилотларнинг ёки уларнинг таркибига кирувчи диний ташкилотларнинг ички қоидаларига асосланган бўлса, роҳиблик ва роҳиблик турмуш тарзи, никоҳсиз қолиш (солиҳлик) қасамига риоя қилиш ва у билан боғлиқ ҳолда фарзанд кўришдан воз кечиш тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди.

Mavzuga oid materiallar