Ўзбекистонда «Фахрий донор» нишони эгаларига тўловлар уч баробарга оширилади

O‘zbekiston

Ўзбекистонда фахрий донорларга тўловлар уч баробарга оширилади ва жамоат транспортида юриш бепул қилинади. Янги тизим келгуси йил 1 январдан ишга тушиши кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистонда «Ўзбекистон Республикасининг фахрий донори» нишони эгаларига бир марталик мукофот миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 15 бараваригача (1 875 000 сўмдан 5 625 000 сўмгача) оширилади ҳамда уларга жамоат транспортида бепул юриш ва санаторийларда навбатдан ташқари даволаниш ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.

Янги тизим келгуси йил 1 январдан ишга тушиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, яқин йилларда онкологик касалликларни, айниқса, барча онкологик ҳолатларнинг 20-25 фоизини ташкил этувчи кўкрак ва бачадон саратонини эрта аниқлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш режалаштирилмоқда. Мамлакатда скрининг дастурларини кенгайтириш ва уларнинг реестрини юритиш кўзда тутилмоқда.

Дори-дармонларни марказлашган тарзда харид қилиш билан боғлиқ муаммолар аниқланди: айрим шифохоналарда дори-дармонларнинг ҳам тақчиллиги, ҳам ортиқчалиги кузатилмоқда. Муаммони ҳал қилиш учун ўн беш ойлик талабга асосланган харидларга ўтиш, келгуси йиллар учун эҳтиёжларни эса 1 августга қадар давлат бюджети параметрларини ҳисобга олган ҳолда шакллантириш таклиф этилди.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида 13 та ҳудудий филиалга эга бўлган Харидлар маркази ташкил этилиб, унга 2025 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри харид қилиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, Ўзбекистонда қўлланилаётган санитария чоралари тўғрисида Жаҳон савдо ташкилотини хабардор қилиш тартиби кўриб чиқилди.

Mavzuga oid materiallar