Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Марказий Осиё мамлакатлари, Жанубий Кавказ ва Покистонда музликлар эриши оқибатларини юмшатишга қаратилган «Музликлардан фермаларгача» дастурини ишга туширди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати маълум қилди.
3,5 миллиард доллар буджетга эга дастур сув ресурсларини бошқариш тизимини, айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасида такомиллаштириш, шунингдек, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва музликларни кузатиш тизимини яратишга қаратилган. Иқлим ўзгариши таъсирига энг кўп дучор бўладиган тоғли ҳудудларни қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа Осиё тараққиёт банки ва Яшил иқлим жамғармаси (ЙИЖ) томонидан, шунингдек, иштирокчи мамлакатлар ҳукумат ташкилотлари ва хусусий инвесторлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Глобал исиш ва музликларнинг эриши Марказий Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига таҳдид солмоқда, дарёлар ва суғориш тизимлари учун сув ресурсларининг камайишига олиб келмоқда, бу эса минтақа экотизими, қишлоқ хўжалиги ва гидроэнергетикасига салбий таъсир кўрсатмоқда.