Uzcard ва HUMO учун рақобатчи пайдо бўлди: Ўзбекистонда янги процессинг маркази ишга туширилмоқда

O‘zbekiston

TBC Uzbekistan ўз процессинг марказини ишга туширади. У банкнинг барча тўлов операцияларини, шу жумладан P2P ўтказмаларини, банк карталари орқали тўловларни, шунингдек, QR-кодлардан фойдаланган ҳолда тўловларни қайта ишлайди.

Фото: Ситуатив / TBC

TBC Uzbekistan ўз процессинг марказининг ишга туширилишини эълон қилади. Бу ҳақда рақамли банк экотизимининг пресс-релизида айтилган.

Таъкидланишича, TBC Ўзбекистонда динамик ўсиш ва ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этар экан, ўз процессинг тизимига ўтиш янги маҳсулот ва хизматларни ишга туширишни тезлаштиради.

«Экотизимнинг барча эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган юқори технологияли процессинг маркази тўловларни қайта ишлашнинг максимал самарадорлигини таъминлайди ва янги маҳсулотларни бозорга чиқаришни тезлаштиради. Бу TBC Uzbekistan рақобатбардошлигини оширади, банкка чакана мижозлар ва кичик ва ўрта бизнес учун маҳсулотлар қаторини тезда кенгайтириш ва диверсификация қилиш имконини беради», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, янги процессинг маркази барча TBC тўлов операцияларини, шу жумладан P2P ўтказмалари, банк карталари орқали тўловлар, шунингдек, QR-кодлардан фойдаланган ҳолда тўловларни қайта ишлайди. Шунингдек, у TBCʼга маълумотлар таҳлили соҳасида қўшимча имкониятлар тақдим этади, бу эса компанияга мижозлар ва ҳамкорлар эҳтиёжларини чуқурроқ тушунишга имкон беради. Бу жисмоний шахслар ва кичик ва ўрта бизнес учун янги маҳсулотларни, шу жумладан эквайринг бўйича комплекс ечимларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.

«Биз инфратузилмамизга сармоя киритишда давом этмоқдамиз ва ўз процессинг марказимизнинг ишга туширилиши улкан режаларимизни амалга ошириш йўлидаги муҳим босқичдир. Ўз процессингимиз истиқболли ва тез ўсаётган Ўзбекистон бозорида инновацион молиявий маҳсулотларни ишга туширишни тезлаштириш ва кенгайтириш имконини беради», — деди TBC Uzbekistan бош директори Ника Курдиани.

Процессинг маркази банкка ўзгаришларга янада мослашувчан муносабатда бўлишга ёрдам беради — масалан, Apple Pay, Google Pay, PayPal хизматларини Ўзбекистонда пайдо бўлиши биланоқ тезда ишга тушириш, шунингдек, бошқа янги ва талаб юқори бўлган ечимларни тезда бозорга олиб чиқиш, дея қўшимча қилди у.

Курдиани TBC Uzbekistan экотизимининг ўсишини тезлаштиришдан ташқари, ўз процессингини ишга тушириш Ўзбекистоннинг бутун тўлов инфратузилмасини ривожлантириш ва янада диверсификация қилишга сезиларли ҳисса қўшишини таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, айни пайтда банк карталари ўртасидаги барча операциялар иккита процессинг маркази — «Ягона умумреспублика процессинг маркази» АЖ (Uzcard) ва Миллий банклараро процессинг маркази (HUMO) томонидан амалга оширилади.

2023 йил июль ойида Uzcard ва HUMO тўлов тизимлари интеграцияси якунланди. Иккала тўлов тизимининг карталарини қабул қилишлари учун барча тижорат банкларининг банкоматлари бирлаштирилди.

Mavzuga oid materiallar