Шавкат Мирзиёев янги таркибдаги Сенат мажлисида нутқ сўзлади

O‘zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисида иштирок этди. Давлат раҳбари парламент юқори палатаси олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Президент Шавкат Мирзиёев парламент сайловидан кейинги Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисида иштирок этди, деб хабар қилмоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Ялпи мажлис ишини ташкил этиш учун котибият ва электрон овоз беришни назорат қилувчи гуруҳ тузилди ҳамда кун тартиби тасдиқланди. Марказий сайлов комиссияси раиси Олий Мажлис Сенати сайлови натижалари ҳақида ахборот берди.

Ушбу жараён Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири ва такомиллаштирилган миллий сайлов қонунчилигига мувофиқ очиқ ва адолатли тарзда ўтгани таъкидланди.

Асосий қонунга кўра, Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг тегишли қўшма мажлисларида яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Ҳар бир ҳудуддан тенг миқдорда - тўрт кишидан сайланиб, яна 9 нафар сенатор Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тайинланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан яна 9 нафар сенатор тайинланди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўзга чиқиб, Сенатнинг янги таркиби аъзоларини уларга билдирилган юксак ишонч учун самимий табриклади.

Юқори палатанинг аввалги таркиби мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўшгани таъкидланди. Сўнгги беш йилда Сенат томонидан 106 та ҳисобот тингланди, ижро органларига 1300 та сўров юборилди. Парламентнинг халқаро майдондаги обрўси ҳам сезиларли даражада ошди. Бу даврда хорижий мамлакатлар билан парламентлараро дўстлик гуруҳлари сони 26 тадан 73 тага етди.

Конституциявий ислоҳотлар натижасида Сенат таркиби оптималлаштирилиб, унинг аъзолари сони 100 тадан 65 тага қисқартирилди. Шу билан бирга, сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар оширилди. Хусусан, парламент юқори палатасининг назорат функциялари ва унинг бир қатор муҳим давлат органларини шакллантиришдаги иштироки кенгайтирилди. Сенатга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи ҳам берилди.

Президент халқаро вазиятга эътибор қаратиб, тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг муҳимлигини таъкидлади.

«Бундай мураккаб даврда биз фақат кучли ирода, якдиллик, ҳамжиҳатлик ва фидокорона меҳнат билан юртимизда тинчлик ва тараққиётни таъминлай оламиз. Ҳурматли сенаторлар ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, ишончим комилки, сиз бу муҳим ҳақиқатни ва зиммангиздаги улкан масъулиятни чуқур англаб турибсиз», - деди Шавкат Мирзиёев.

У ҳозирги вазият барчадан ўз ишини танқидий баҳолашни ва унинг мутлақо янги форматига ўтишни талаб қилишини таъкидлади.

Шу муносабат билан Сенат олдида турган долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Биринчиси. Қонунларни муҳокама қилишнинг янги механизмларини жорий этиш зарур.

Қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий кенгашларни кенг жалб этиш ва ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини инобатга олиш муҳим. Қонун ҳужжатларида маҳаллий ва умумдавлат манфаатларини уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Иккинчиси. Маҳаллий кенгашлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Сенатнинг устувор вазифасига айланиши керак.

Энди вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашларига ҳокимлар эмас, балки депутатлар орасидан сайланган раислар раҳбарлик қилади. Кенгаш сўрови ва суриштируви каби янги механизмлар орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назорат кучайтирилади.

Учинчиси. Маҳаллий кенгашлар вазирлик ва идораларнинг қуйи тузилмалари, айниқса, жойлардаги туман ва шаҳар бўлинмалари билан янги ёндашувларни қўллаган ҳолда ўзаро ҳамкорлик қилиши лозим.

Тўртинчиси. Конституция Сенат зиммасига маҳаллий кенгашлар қарорларининг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлаш масъулиятини юклайди. Бу борада шаффофлик ва қонунийликни кафолатлайдиган самарали тизим яратиш зарур.

Бешинчиси. Сенат қўмиталари юқори палатанинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Қўмита эшитувлари институтининг асосларини қонун даражасида мустаҳкамлаш вақти келди.

Олтинчиси. Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини амалга оширишда сенаторларнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга.

Еттинчи. Коррупцияга қарши курашда парламент назоратини кучайтириш ва бу жараёнга бутун жамиятни жалб этиш ғоят муҳим. Сенат аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизликни шакллантириш, ёшларда қонунга ҳурмат, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик туйғуларини тарбиялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиши зарур.

Саккизинчи. Олий судьялар кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимининг жорий этилиши суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга қаратилган. Сенат нафақат номзодларни тасдиқлаши, балки уларнинг фаолияти билан танишиб чиқиши ва тегишли хулосалар бериши лозим.

Мажлисда ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Президент Шавкат Мирзиёев Конституциянинг 101-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига номзодни тақдим этди.

Яширин овоз бериш йўли билан Танзила Норбоева Сенат Раиси этиб сайланди. Шунингдек, Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Содиқ Сафоев ва Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига Аманбай Ўринбоев сайланди.

Сенатнинг еттита қўмитаси ва битта комиссияси ташкил этилди. Сенаторлар муҳокама қилинган бошқа масалалар юзасидан ҳам тегишли қарорлар қабул қилдилар.

Mavzuga oid materiallar