Ўзбекистонда «заправка»лар ва қувватлаш станцияларини назорат қилиш учун «Авто24» иловаси ишга туширилди

O‘zbekiston

Ўзбекистонда «Авто24» мобил иловаси фаолият бошлади. У бензин қуйиш шохобчалари, газ қуйиш шохобчалари ва электр зарядлаш станциялари ҳақида маълумот беради, шунингдек, ёқилғи мавжудлиги ва нархларини реал вақт режимида кузатиб бориш имконини тақдим этади. Фойдаланувчилар йўналишларни режалаштиришлари, фикр билдиришлари ва хизмат сифатини баҳолашлари мумкин.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов автомобиль эгаларига ёқилғи қуйиш ва зарядлаш шохобчаларини топишга ёрдам берадиган «Авто24» мобил иловасининг ишга туширилганини маълум қилди. Ҳозирча илова синов режимида ишлаяпти.

«Авто24» бензин қуйиш шохобчалари, газ қуйиш шохобчалари ва электр зарядлаш станциялари ҳақида маълумот беради. Вазирлик вакилларининг айтишича, илова куз-қиш мавсумида автомобиль ҳайдовчиларнинг совуқ кунларда ёқилғи ёки газ қидиришдек ҳар йилги муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради.

Энергетика вазирлиги «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан ҳамкорликда ишлаб чиққан илова йўналишни режалаштириш, энг яқин ёқилғи қуйиш шохобчасини топиш, шунингдек, реал вақт режимида ёқилғи нархи, захираси ва мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятини яратади. Электромобил эгалари зарядлаш станцияларини топишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, фойдаланувчилар станцияларни баҳолаш, ёқилғи сифати ва нархи ҳақида фикр билдириш имкониятига эга бўлишади. Илова Android ва iOS платформаларида бепул юклаб олиниши мумкин.

Mavzuga oid materiallar