Жиззахда Cobalt ҳайдовчиси икки болани ўлдириб қўйди

O‘zbekiston

Жиззах вилоятида Cobalt ҳайдовчиси юқори тезликда ҳаракатланиб, икки болани уриб юборди. Ҳайдовчи 13 ёшли қиз ва унинг 4 ёшли синглисини босиб кетгач, ҳодиса жойидан қочиб кетган. Жабрланганлар воқеа жойида ҳалок бўлган.

Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар қилишича, Бахмал туманида Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчиси тезликни ошириб, икки нафар болани ўлдириб қўйган.

Ҳодиса 18 ноябрь куни тахминан соат 19:30 да 4Р-41 «Ғаллаорол-Зомин» йўлининг 29-километрида содир бўлган. Cobalt ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида йўлни кесиб ўтаётган икки болани — 2011 йилда туғилган қиз ва унинг 2020 йилда туғилган синглисини уриб юборган, сўнгра ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Жабрланганлар олган жароҳатлар туфайли воқеа жойида вафот этишган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 117-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган хавф остида қолдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Тезкор тадбирлар натижасида гумонланувчи ушланган ва вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Mavzuga oid materiallar