Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари олдида сўзлаган нутқида мамлакат ялпи ички маҳсулоти тарихда биринчи марта 100 миллиард доллардан ошганини маълум қилди.
Сўнгги беш йилда бу кўрсаткич икки баробар ошди. Экспорт ҳажми илк бор 25 миллиард доллардан ошди, бу мамлакат тарихидаги рекорд кўрсаткич бўлди. Ўтган йили экспорт ҳажми 24,4 миллиард долларни ташкил этган.
Яқин келажакда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 3 минг долларга етиши кутилмоқда. Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлар учлигига киради.
Сўнгги беш йилда хорижий инвестициялар ҳажмининг олти баробар кўпайгани иқтисодий ўсишнинг муҳим омили бўлди. Хорижий шерикларнинг сармояси туфайли мамлакатимизда 1,5 миллионга яқин юқори даромадли иш ўринлари яратилди.