Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли дастурларни амалга ошириш бўйича асосий йўналишларни белгилаб берганини давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилди.
У ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш учун бирламчи тиббий ёрдамнинг қулайлиги ва сифатини ошириш зарурлигини таъкидлади.
2025 йилда 3,7 миллион нафар аёлни бирламчи даражада текширувдан ўтказиш режалаштирилмоқда. Ушбу жараёнларни рақамлаштириш туфайли онкологик касалликларни эрта аниқлаш даражаси 85 фоизга етиши мумкин.
Бундан ташқари, 18 минг нафар тиббиёт бригадасини жойларда ишлашга тайёрлаш ва 884 минг беморни уйда реабилитация қилишни ташкил этиш бўйича янги тизим жорий этилади. Туғруқхоналарни модернизация қилиш учун 100 миллион доллар ажратилади.
Президент соғлом турмуш тарзи, мувозанатли овқатланиш, жисмоний фаоллик ва спортни тарғиб қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.