Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари қўшма тактик машғулотлар ўтказди

O‘zbekiston

Ўзбекистон ва Қозоғистон «Ханжар-2024» қўшма машғулотларини ўтказди. Машғулотлар давомида ҳарбийлар учувчисиз учиш аппаратлари, зирҳли техника, миномётлар ва хизмат итларидан фойдаланиш, шунингдек, ўқ отиш ва жанг олиб бориш кўникмаларини такомиллаштирди.

Марказий ҳарбий округнинг «Фориш» тоғ полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон Қуролли Кучлари бўлинмалари билан ҳамкорликда ташкил этилган навбатдаги «Ханжар-2024» махсус тактик машғулоти якунига етди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўн кунлик машғулотлар дастурига мувофиқ, турли ўқотар қуроллардан отиш, шартли аҳоли яшайдиган ҳудудда жанг олиб бориш ва ҳаракатларни таҳлил қилиш машқлари, шунингдек, руҳий зўриқишни бартараф этиш усуллари ўзлаштирилди.

Тадбир бошида шартли душман жойлашган биноларга миномётчилар, мерганлар, пулемётчилар ва учувчисиз учиш аппаратларидан ҳужум уюштирилди. Сўнгра уларнинг ортидан илгари сурилган қўлга олиш гуруҳи учта бинода жадал тозалаш ишларини олиб борди. Ҳаракатлар жанговар зирҳли техника ва хизмат итлари ёрдамида амалга оширилди ва натижада бир неча дақиқада кўзланган мақсадга эришилди.

Ушбу машғулотларнинг якуний босқичи Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ва Қозоғистон ҳарбий делегацияси раҳбарияти назорати остида ўтказилди.

Қўшма тактик махсус машғулотнинг ёпилиш маросимида икки қардош давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбийларга Ўзбекистон ва Қозоғистон Мудофаа вазирликларининг махсус кўкрак нишонлари топширилди.

Mavzuga oid materiallar