Қозоғистон Фаластин ва Жанубий Суданга тинчликпарвар кучларини юборди

19 январь куни Қозоғистон парламенти президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг БМТнинг Яқин Шарқ ва Африкадаги миссияларида қатнашиш учун тинчликпарвар кучларни юбориш таклифини маъқуллади.

Қозоғистон Фаластин ва Жанубий Суданга тинчликпарвар кучларини юборди

430 нафар ҳарбий хизматчи БМТнинг Голан тепаликларидаги бўлиниш бўйича кузатувчи кучлари, БМТнинг Фаластин учун тинчлик мониторинги органи, БМТнинг Жанубий Судандаги миссияси ва Абей ҳудудида хавфсизликни таъминлашда иштирок этади.

«Биз ҳарбий кузатувчилар ва штаб офицерлари кўринишидаги хизматчилар билан бирга, БМТ миссияларида энг кўп талаб қилинадиган пиёда, тиббиёт, разведка, муҳандислик бўлинмаларини ҳам ажратишга тайёрмиз», — деди Қозоғистон мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов.

Жақсилиқовнинг сўзларига кўра, Қозоғистон аввал ҳам бу каби амалиётларда иштирок этган, аммо БМТ биринчи марта мамлакатга мустақил миссия учун мандат берди.

Контингентни жойлаштириш 2024 йил март ойида бошланади. Дастлабки 139 нафар ҳарбий хизматчи Голан тепаликларига захира рота сифатида юборилади. Бунинг учун Қозоғистон БМТ билан халқаро шартнома тузади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев БМТ тинчликпарвар миссияларида иштирок этиш мамлакат қуролли кучларига зарур жанговар кўникмаларни эгаллаш имконини беришини таъкидлади.

«Кучайиб бораётган геосиёсий кескинлик шароитида минтақавий ва миллий хавфсизликка оид янги хавф ҳамда таҳдидлар пайдо бўлмоқда, уларнинг баъзилари ҳарбий жавоб чораларини талаб қилиши мумкин. Шу сабабли қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини янада мустаҳкамлаш ва замонавий таҳдидларга қарши туришда амалий тажриба орттириш масаласи алоҳида долзарбдир», — деди Қозоғистон раҳбари.

Бўлишиш
Юбориш
Твит ёзиш