Қашқадарёда фуқароларнинг 6 млрд сўмдан ортиқ пулини ўзлаштирган икки эркак қидирилмоқда

Қашқадарё вилоятида 600 дан ортиқ фуқаронинг салкам 6,5 млрд сўм пулини ўзлаштирган фирибгарлар қидирилмоқда.

Қашқадарёда фуқароларнинг 6 млрд сўмдан ортиқ пулини ўзлаштирган икки эркак қидирилмоқда
кадр из видео / O’zbekiston24

Хабар қилинишича, Фарғона вилояти Данғара туманида 1993 йилда туғилган С.Н. 2023 йил 19 сентябрь куни Қарши шаҳрида «Қарши кредит» МЧЖни ташкил этган.

У МЧЖга 1999 йилда Тошкент шаҳрида туғилган С.Ж.ни иш бошқарувчи этиб тайинлаган. Бироқ С.Ж. савдо-сотиқ, реклама ва бошқа аҳолига хизмат кўрсатиш ишлари билан шуғулланиши лозим бўлсада, ғайриқонуний равишда кўплаб фуқароларнинг пул-маблағларини кредит бериш орқали жалб этишга эришган.

С.Ж. жиноий шериклари билан биргаликда жуда кўп маблағларни ўзлаштириш мақсадида одамларга дастлабки тўлов эвазига кредитга пул беришга келишиб, олдиндан бошланғич тўлов сифатида пулнинг 20 фоизини олиб, қолган, ваъда қилинган пулларни мижозларга бир ой ичида нақд пул кўринишида беришини айтиб, мижозларининг ишончини қозонган.

Шундан сўнг улар мижозлар билан шартнома имзолаб, пулларни олиб қолишади ва уларни ҳисоб рақамларига ўтказгандай кўрсатишади. Шу тариқа 2023 йил 19 сентябрдан 2023 йил 26 октябргача бир ойдан кўпроқ вақт давомида 606 нафар одамдан 6 млрд 462 млн 550 минг сўм пулни қабул қилиб олган.

Кейин жуда кўп миқдордаги пулларни нақд пул кўринишида ўзлаштириб, ўзларининг шахсий манфаатлари учун ишлатган.

Ҳолат юзасидан 2023 йил 4 октябрь куни тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, гумонланувчилар С.Н. ва С.Ж. номаълум томонга яширингани сабабли уларга нисбатан сиртдан қамоқ эҳтиёт чораси тайинланиб, қидирув эълон қилинган.

Бўлишиш
Юбориш
Твит ёзиш