Юнусобод туманидаги кўп қаватли турар-жой биноси қурилиши кетаётган ҳудудда ярим тунда ниқобланган шахслар экскаваторда дарахтни илдизи билан қўпориб ташлагани акс этган видео маҳаллий аҳоли томонидан суратга олиниб, ижтимоий тармоқларга сиздирилди.
Вазият юзасидан Тошкент шаҳар экология бошқармаси томонидан тегишли чоралар кўрилди. Олинган маълумотларга кўра, воқеа 16 апрелга ўтар кечаси Мингчинор МФЙда содир бўлган.
Сафора дарахти тегишли соҳа мутахассислари ҳамда туман экология бўлими масъуллари томонидан агротехник қоидаларга асосланган ҳолда ишлов берилиб, биологик ўғитлар билан тўйинтирилган тупроқ қопламаси ётқизилган ҳолда ўз ўрнига қайта экилди.
Қайд этилишича, ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш ва уларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш юзасидан мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
Текширувларнинг якуний натижаларига кўра қўшимча маълумотлар тақдим этилади.