Ижтимоий тармоқларда Сирдарёдаги «Мурувват» имконияти чекланган аёллар панционатида яшовчи руҳий хаста аёлнинг таҳқирлангани акс этган видео тарқалди. Видеода аёл қаттиқроқ кулиб, қаттиқроқ йиғлашга мажбурланган.
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳудудий вакили матбуот хизмати хабарига кўра, аёлга нисбатан зўравонлик қилган ходимлар ушбу муассасага аутсорсинг асосида хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик ташкилотида ишлаган.
«Улар аёлнинг руҳий ҳолатидан хабар топиб, тиббиёт ходимларининг рухсатисиз уни ошхона биносига олиб бориб, ҳақорат қилган. Кейин эса ошхона ходимларининг Telegramʼдаги гуруҳига безорилик видеосини юклашган», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, оғир ақлий заифлик туфайли аёллар кўпинча хулқ-атворда бузилишларга дуч келган. У мунтазам равишда яқинларини эслаб йиғлайди ва уйга юборишни ёки уларга қўнғироқ қилишни сўрайди.
17 май куни «Мурувват» мактаб-интернати бошлиғи ариза билан мурожаат қилиб, унда ходимлар Х.М. ва Ш.О.ларнинг хатти-ҳаракатига «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги» Қонунинг 3 ва 4-моддалари юзасидан қонуний чора кўришлик бўйича мурожаат қилган.
Маълум қилинишича, ходималар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ва улар вазифасидан озод қилинган. Ҳозирги кунда Сирдарё тумани ИИБ томонидан ҳолат юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда.