21 май куни Европа Иттифоқи кенгаши сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солувчи дунёдаги биринчи қонунни маъқуллади. Бу ҳақда қонун чиқарувчи орган сайтида хабар берилган.
«Кенгаш бугун СИ қоидаларини уйғунлаштиришга қаратилган прогрессив қонун ҳужжатларини маъқуллади. Қонун таваккалчиликка асосланган ёндашувга асосланади, яъни аҳолига зарар етказиш хавфи қанчалик катта бўлса, қоидалар шунчалик қаттиқроқ бўлади», — дейилади хабарда.
Кенгаш ҳужжат СИни тартибга солиш бўйича глобал стандартларни ўрнатиш имкониятига эга деб ҳисоблайди.
Маълумотларга кўра, янги қонун СИга асосланган турли хил тизимларни уларнинг хавфига қараб таснифлайди. Чекланган хавф тизимлари шаффофлик талабларига «жуда камтарона» бўйсунади. Юқори хавфли СИ тизимлари Европа Иттифоқи бозорига кириш учун бир қатор мажбуриятларни бажариши керак бўлади.
Қайд этилишича, қонун жорий йилнинг март ойида Европарламент томонидан маъқулланган. Кейин депутатлар ҳужжатнинг мақсади «асосий ҳуқуқлар, демократия, қонун устуворлиги ва экологик барқарорликни юқори хавфли сунъий интеллектдан ҳимоя қилиш, шунингдек, инновацияларни рағбатлантириш ва Европани бу соҳада етакчига айлантириш» эканини таъкидлади.
Ҳужжат энди Европа Иттифоқи кенгаши ва Европарламент раҳбарлари томонидан имзоланиши керак, шундан сўнг у тахминан бир ойдан кейин кучга киради. Эвропа Иттифоқи мамлакатларига ундан фойдаланишга тайёргарлик кўриш учун икки йил берилади.