Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида Damas русумли автомашина икки болани уриб кетгани акс этган видео тарқалди. Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаев ушбу ҳолатга изоҳ берди.
Олинган маълумотларга кўра, 10 июнь куни соат 18:10 атрофида Тайлоқ тумани ҳудудида ЙТҲ содир бўлган. Қўрғонча–Қундузоқ йўналишида ҳаракатланаётган Damas русумли автомашина йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтиб кетаётган икки нафар пиёдани уриб юборди. Ҳодиса оқибатида икки нафар пиёда ва бир нафар енгил автомобиль йўловчиси тан жароҳати олиб, вилоят тиббиёт бирлашмасига етказилган. Ҳодиса оқибатида қурбонлар бўлмаган.
Воқеа юзасидан Тойлоқ тумани ички ишлар бўлимида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.