Бу йил Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров Қирғизистон–Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида маълум қилди.
«Мазкур ташриф Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларидаги навбатдаги бурилиш касб этувчи воқеа бўлиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга муҳим туртки бўлади», — деди Оқилбек Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳар икки томон ҳам Қирғизистон–Ўзбекистон бизнес-форуми, икки давлат раҳбарлари иштирокида Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари ва бошқа тадбирлар каби қатор тадбирлар дастурини тайёрламоқда.
Эслатиб ўтамиз, 13 июнь куни Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль рафиқаси билан давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортган.