Ўзбекистон ва Жанубий Корея Ўзбекистонда минтақавий юқори технологиялар марказини яратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Бу ташаббус Мирзиёев ва Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлнинг кенгайтирилган таркибда ўтказилган учрашувида муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳани ишлаб чиқиш учун икки давлат ҳукуматлари жавобгар бўлади.
Ўта муҳим минерал ресурслар, яримўтказгичлар, кимё, машинасозлик, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва шаҳарсозлик, «яшил» энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегиянинг таянч йўналишлари сифатида белгиланди.
Сеул ва Тошкент инфратузилмани модернизация қилиш ва замонавий энергетикани ривожлантириш устида ишламоқчи.
Йиғилишда бўлажак бизнес-форум учун салкам 10 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилгани ҳам таъкидланди.
2027 йилда Ўзбекистонда корейс диаспорасининг 90 йиллиги нишонланади.
Аввалроқ Корея Республикаси ва Ўзбекистон президентлари 17 та қўшма ҳужжат имзолагани хабар қилинганди.