Ўзбекистон шаҳарлари учун экологик барқарорлик рейтингини шакллантирилгани ҳамда Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг экологик бош режалари тақдим этилгани ҳақида аввал хабар берилганди.
Рейтинг йилига бир марта янгиланади. У шаҳарларнинг экологик бош режалари (ЭМП) ва кўрсаткичларни яхшилашга асосланади. Экология вазирлиги ҳузуридаги Иқлим ўзгаришлари миллий маркази раҳбари Суна Парк янги рейтинг нима учун тузилгани ва бу йирик шаҳарлардаги экологик вазиятга қандай таъсир қилиши мумкинлигини тушунтириб берди.
«Рейтинг шаҳарларга нафақат сармояларни жалб қилиш ёки иш ўринларини яратиш, балки экологик қарорлар ва ҳаракатлар бўйича ҳам рақобатлашиш имконини беради. Шаҳарлар атроф-муҳитга зарар етказмаслик даражаси бўйича бир-бири билан рақобатлашиши муҳимдир. Энди бутун глобал кун тартиби, жумладан, сармоявий кун тартиби иқлим ва экологик жиҳатлар билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун агар бизнинг шаҳарларимиз сармоя жалб қилмоқчи бўлса, ўз атроф-муҳитининг ҳолати ҳақида ўйлаши керак», — деди Парк «Взгляд.uz» мухбирига.
Эслатиб ўтамиз, 11 июль куни шаҳарларнинг биринчи экологик бош режалари тақдим этилганди. Бунда Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари синов тариқасида олинган.
«Биз Бухоро ва Самарқанд учун асосий тавсиялар бердик, аммо улар [тавсиялар] вазиятни сезиларли даражада ўзгартириши мумкин. Масалан, автотураргоҳларни ободонлаштириш — кўпчилик бунга эътибор бермайди, аммо агар ушбу шаҳарлардаги транспорт миқдорига қарасак, бу асосий муаммолардан бири эканини кўришимиз мумкин. Автотураргоҳларни кўкаламзорлаштириш орқали чиқиндиларни сезиларли даражада камайтириш ва қўшимча яшил майдонларни яратиш мумкин. Бу каби кичик қарорлар умумий вазиятга ижобий таъсир қилади», — дея қўшимча қилди Суна Парк.