Навоий вилояти Карманa туманидаги «Фаровон» ва «Ёшлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги қарийб 1100 гектар майдонда Янги Навоий шаҳарчаси қурилиши бошланди. 18 август куни унга тамал тоши қўйиш маросимида вилоят ҳокими Нормат Турсунов ва бошқа раҳбарлар иштирок этди.
Лойиҳа президентнинг 2018 йил 2 августдаги ҳудудларда Business city замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Бунинг учун Кармана туманидан Навоий шаҳрига 1097,6 гектар ер майдони ажратилган. Шу мақсадда 892 гектар ер майдони тоифаси қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар тоифасидан фойдаланилмайдиган тоифага ўтказилган.
Биринчи босқичда қурилиш ишлари 450 гектар майдонда амалга оширилиши режалаштирилган.
«Лойиҳани амалга ошириш учун «Янги Навоий шаҳарчаси ишбилармонлик маркази дирекцияси» давлат муассасаси ташкил этилди», — дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи Акбар Ниёзов.
«Ушбу ер майдонида босқичма-босқич Янги Навоий шаҳарчаси ва «Янги Ўзбекистон» боғи барпо этилиши режалаштирилган. Шаҳарча йирик замонавий бизнес ва тураржой биноларидан ташкил топган инфратузилма бўлиб, унда «Янги Ўзбекистон» боғи ва маданий дам олиш сайилгоҳлари, Навоий давлат педагогика институтининг янги бинолари (кампус типида) ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли тураржойлар, тадбиркорлик ва ишбилармонлик, маиший хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари, шунингдек кутубхона, сунъий кўл ва ҳунармандчилик устахоналари қурилади», — деди у.
Янги Навоий шаҳарчаси ишбилармонлик маркази дирекциясининг «Газета.uz»га маълум қилишича, шаҳарча ҳудудида жами 551,6 минг квадрат метр майдонда уй-жой (5−16 қаватли), 4170 ўринли мактаблар, 1620 ўринли боғчалар, 285 ўринли поликлиникалар, 1150 ўринли маданият объектлари, 50 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғи, 2 та сайилгоҳ, 8917 ўринли автотураргоҳлар, 18 км автомобиль йўллари қуриш, 20 км ичимлик суви, 6,6 км оқава сув, 18 км электр ва 16 км газ тармоқларини тортиш режалаштирилган.
Ижтимоий соҳа объектлари қурилишини молиялаштириш учун республика ва маҳаллий бюджетлардан қарийб 120 млрд сўм, уй-жой фонди, савдо-маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши учун тадбиркорлар ва аҳоли маблағлари, тижорат банкларидан 3,3 трлн сўм, шунингдек, муҳандислик коммуникациялари учун фойдаланувчи ташкилотлар, аукцион савдоларидан тушган ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 176 млрд сўм йўналтирилади.
Лойиҳа муддати 2040 йилгача бўлиб, иккинчи (259 гектар) ва учинчи (204 гектар) босқичларини амалга ошириш 2024 йил охиригача ишлаб чиқилади. Ҳозирда e-auksion.uz платформаси орқали 20 га яқин лотлар хариди эълон қилинган.
«Фаровон» маҳалласининг 50 гектар ҳудудида Ўзбекистоннинг 7 та тараққиёт стратегияси акс эттирилган стелла, амфитеатр, сунъий кўл ва фаввора, олтин кони Dark Ride тажриба майдони, ёпиқ сузиш ҳавзаси, ёпиқ спорт зал, кутубхона, ресторан ва кафелар, велосипед йўлаги, пиёдалар йўлаги, болалар ўйин майдончалари, ҳунармандчилик устахоналари, томоша терассаси, савдо ва кўнгилочар майдонлар, скейтборт майдони, автотураргоҳлар, ўсимлик шоу майдони, йўл ҳаракати машғулотлари майдони ташкил этиш кўзда тутилган.