Сурхондарё вилоятидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кони қудуғида водород сулфиднинг яна сизиб чиқиши қайд этилмади. Бу ҳақда 18 сентябрь куни АОКА матбуот анжуманида экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков маълум қилди.
Аввалроқ 17 сентябрь куни газ конида водород сулфиднинг такрорий сизиб чиқиши содир бўлгани ҳақида ёзгандик. Тўрт киши ҳалок бўлди. Жабрланганлар ҳақида ҳам маълумот бор.
Бироқ Жусипбек Казбеков гап водород сулфиднинг сизиб чиқиши ҳақида бораётгани йўқлигини ва зарарли газлар меъёридан ошмаганини айтди.
«У ерда техник ишлаб чиқариш билан боғлиқ бошқа ҳодиса бўлган. Биз етти хил турдаги газни ўлчаяпмиз, лекин меъёрдан ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмади», — деди у.
Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ўктам Ўтаев икки киши ҳалок бўлгани ва жабрланганлар борлигини тасдиқлади.
Ҳозирда вилоят прокурори, туман прокуратураси ходимлари воқеа жойига чиққан. Терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
«Унинг якунлари бўйича албатта ОАВга ахборот берилади. Бу техноген ҳодиса бўлгани учун қарор мутахассислар хулосаси асосида қабул қилинади», — деди у.