17 сентябрь куни Сурхондарё вилоятидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) конида водород сулфиднинг сизиб чиқиши қайта тикланди. Бу ҳақда «Взгляд.uz»га пудратчи компаниядаги манба маълум қилди.
Маълум қилинишича, маҳаллий гуруҳларда одамлардан ҳеч нарса ёзмаслик ва гапирмаслик сўралмоқда. Бу ҳақда журналист Шуҳрат Латипов ҳам ёзганди. Ҳозирда тўрт киши ҳалок бўлгани, камида беш киши жароҳатлангани тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, биринчи сирқиш 1 сентябрь куни коннинг 604-қудуғида бурғилаш ишлари пайтида содир бўлган. Президент топшириғи билан 2 сентябрь куни махсус штаб ташкил этилди.
15 сентябрь куни сизиб чиқиш тўхтатилди. Қудуқ герметизация қилинди ва ўчирилди, жараёнга АҚШ ва Россиядан экспертлар жалб қилинди.
Eriell таъкидлашича, «оқибатларни бартараф этиш жараёни давомида аҳоли учун ҳеч қандай таҳдид бўлмаган». Аввалроқ маҳаллий аҳоли эвакуация қилингани хабар қилинганди.
Эвакуация қилинганлар ва маҳаллий аҳоли соғлиғининг ёмонлашувидан шикоят қилиб, уларнинг муаммолари билан ҳеч ким қизиқмаётганини, раҳбарлардан ҳеч бири расмий ва ишончли маълумот бермаётганини айтишган.
Таъкидлаш жоизки, ваколатли органлар, шунингдек, Eriell компанияси воқеа ҳақида лом-мим демаяпти.