Москвада муҳожирларга электрон гувоҳномалар 2025 йилдан берилади

O‘zbekiston

Москвада хорижлик фуқаролар ҳақидаги барча долзарб маълумотларни текшириш имконини берадиган электрон гувоҳномалар 2025 йилдан бошлаб берилади.

Хорижлик фуқаролар ҳақидаги барча долзарб маълумотларни текшириш имконини берадиган электрон гувоҳномалар 2025 йилдан бошлаб берилади. Бу ҳақда Москва мэри Сергей Собянин ТАСС журналистлари билан суҳбатда маълум қилди.

Унинг айтишича, хорижий фуқаронинг электрон гувоҳномасига барча маълумотлар юкланади: қачон келгани, биометрик маълумотлари, қаерда ишлаши, қаерда рўйхатдан ўтгани ва ҳоказо.

«Шунга кўра, полиция рейдлар ўтказаётганда ушбу маълумотларни текшириш имконини берадиган махсус ўқиш қурилмасига эга бўлади», — деди Собянин.

Унинг сўзларига кўра, аввало муҳожирларнинг айнан электрон гувоҳномаси текширилади. Агар ҳужжатда бирор муаммо аниқланса, полициячи мигрантга нисбатан тегишли чоралар кўриши шарт бўлади.

Москва мэрининг қўшимча қилишича, кейинги йилдан бошлаб тажриба тариқасида Москва авиация узелида Россия Федерациясига кириш визаси талаб қилинмайдиган хорижликлар учун ҳам биометрик назорат жорий этилади.

«Визасиз мамлакатлардан келган фуқаролар Москвага етиб келганларидан сўнг биометрик назоратдан ўтади: суратга туширилади ва бармоқ излари олинади. Бунинг учун тажрибани ўтказиш имкониятини берувчи федерал қонун қабул қилинган. Ҳозирда президент топшириғига биноан, ҳукумат томонидан тегишли қарор кўриб чиқилмоқда. Бу қарор бизга Федерал хавфсизлик хизмати, чегара хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда ушбу тажрибани ўтказиш ваколатини беради», — деди у

Mavzuga oid materiallar