Аввалроқ таҳририят BYD Uzbekistan Factory 2024 йилда атиги 34,5 миллиард сўм тўғридан-тўғри солиқ тўлаган бўлсада, энг йирик божхона имтиёзларини — 274,4 миллиард сўмни қўлга киритгани ҳақида хабар берганди.
BYD Uzbekistan Factory хабар беришича, мамлакатда нафақат йирик ишлаб чиқарувчилар, балки Ўзбекистонга электромобилларни мустақил равишда импорт қилувчи юридик ва жисмоний шахслар учун ҳам божхона енгилликлари амал қилади.
Уларнинг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 9 ойи давомида юридик ва жисмоний шахслар томонидан мамлакатга 19 мингга яқин, умумий қиймати қарийб 5,8 трлн сўмлик электромобиллар олиб кирилган. Улар BYD Uzbekistan Factoryʼга тақдим этилган имтиёзлар ҳажмидан сезиларли даражада кўп бўлган қарийб 870 миллиард сўмлик (келиб чиқиш сертификати мавжуд бўлганда 15%) божхона тўловларидан озод этилган.
«Компанияга берилган имтиёзлар фақат ишлаб чиқариш фаолиятини қўллаб-қувватлашга ва ўз инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган. Амалдаги божхона енгилликлари ишлаб чиқариш жараёнларини арзонлаштириш ва янги технологияларни жалб этишга йўналтирилган», — дейилади хабарда.
Компания BYD автомобиллари нархини шакллантириш жараёнини изоҳлади, бунда бир нечта омиллар таъсир қилишини таъкидлади. Хусусан, расмий дилерлик марказлари орқали сотиладиган автомобилларга ишлаб чиқарувчининг саноат стандартларига мос келадиган кафолати берилади. Стандарт кафолат муддати 6 йил ёки 150 минг километр, батарея, электр двигатель ва электрон назорат модули учун эса 8 йилни ташкил этади.
Компания, шунингдек, дилерлик марказларининг мавжудлиги, иш ўринлари яратилиши ва техник жиҳозланиш автомобиллар нархининг шаклланишига таъсир кўрсатишини қайд этди. Расмий дилерлар томонидан таклиф этилаётган автомобиллар рус ва ўзбек тилларидаги мультимедиа тизими билан жиҳозланган, мобил илова орқали автомобилни масофадан бошқариш имконини беради ва икки йил давомида бепул 4G интернет хизматини тақдим этади. Бундан ташқари, автомобилларнинг совутиш тизимлари маҳаллий иқлим шароитларига мослаштирилган ва DM-I моделлари маҳаллий ёқилғи стандартларига мос келади.
«Бундан фарқли ўлароқ, «кулранг импортёрлар» автомобиль сотилгандан сўнг истеъмолчилар олдида жавобгар бўлмайди ва унинг узоқ муддатли хавфсиз ишлаши учун кафолат бермайди. Улардан сотиб олинган автомобиллар худди шундай техник жиҳозларга эга эмас ҳамда кафолатли таъмирлаш ва сервис хизмати кўрсатилмайди», — дея таъкидлади BYD Uzbekistan.