Янги «Jibek joly» туристик поездида 100 дан ортиқ сайёҳ саёҳатга чиқди

O‘zbekiston

Тошкентда 100 дан ортиқ сайёҳ Олмаотадан келган «Jibek joly» сайёҳлик поездида илк саёҳатга чиқди.

18 ноябрь куни Тошкентнинг Марказий (Шимолий) темир йўл вокзалида Олмаотадан келган ва «Олмаота–Туркистон–Тошкент–Олмаота» йўналиши бўйича ҳаракатланадиган биринчи «Jibek joly» темир йўл сайёҳлик поездини тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.

Тадбир Туризм қўмитаси, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Қазақстан темiр жолы» АЖ ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тур 2024 йил 16 ноябрдан 20 ноябргача давом этиб, 5 кунни ўз ичига олади. Биринчи саёҳатга жами 115 йўловчи йўлга чиқди.

Сайёҳлар Туркистонда бир кун, Тошкентда эса икки кун бўлиб, ушбу шаҳарларнинг асосий диққатга сазовор жойлари, гўзал манзаралари ва бошқа қизиқарли жойларига ташриф буюрадилар. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида барча сайр-томошалар профессионал гидлар ёрдамида ўтказилади.

Йўналиш бўйлаб ҳаракатланиш туристик автобуслар билан таъминланади. Поезд таркибига илгари бошқа йўналишларда фойдаланилмаган, Қозоғистонда ишлаб чиқарилган 5 та мутлақо янги вагон киради. Туристик поезд бригадаси таркибига поезд бошлиғи, саккиз нафар проводник ва электромеханик киради.

Сайёҳлик поездига чипталарни сайёҳлик агентликлари орқали харид қилиш мумкин.

Mavzuga oid materiallar