АҚШ Адлия вазирлиги Googleʼдан рақобатни кучайтириш учун Chromeʼни сотишни талаб қилмоқда

O‘zbekiston

АҚШ Адлия вазирлиги Googleʼни Chrome браузерини сотишга мажбурлаш бўйича судга мурожаат қилмоқчи. Бу энг йирик технологик компаниялардан бирига нисбатан тарихий босим чораси бўлиши мумкин.

АҚШ Адлия вазирлиги Googleʼни Chrome браузерини сотишга мажбурлаш талаби билан судга мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Бу таклиф компаниянинг қидирув бозоридаги устун мавқеи билан боғлиқ, деб ёзади Bloomberg манбаларга таяниб.

Агар рақобатли бозорни яратиш учун бошқа чоралар етарли бўлмаса, Chromeʼни сотиш зарурлиги тўғрисида якуний қарор кейинроқ қабул қилиниши мумкин. Шу билан бирга, монополияга қарши органлар янада қаттиқроқ чора — Androidʼни мажбурий сотишдан воз кечдилар.

20 ноябрь куни Адлия вазирлиги вакиллари сунъий интеллект ва Android операцион тизимига оид масалаларни муҳокама қилиш учун федерал судья Амит Меҳтега мурожаат қилмоқчи. Мутахассисларнинг фикрича, таклифларнинг қабул қилиниши онлайн қидирув бозорига ва сунъий интеллект технологияларининг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Google вице-президенти Ли-Энн Малхолланд Адлия вазирлиги ҳаракатларини радикал ва ҳуқуқий масалалардан ташқарида деб танқид қилди. Унинг огоҳлантиришича, бундай чоралар истеъмолчилар, ишлаб чиқувчилар ва Американинг технологик етакчилигига зарар етказиши мумкин.

Октябрь ойида Bloomberg АҚШ Адлия вазирлиги қидирув ва сунъий интеллектда унинг устунлигини йўқотиш учун Google бизнесини бўлиш вариантини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берганди. Эҳтимолий чоралардан бири — Apple ва Samsung билан эксклюзив келишувларни тақиқлаш, бунинг натижасида Google бирламчи қидирув тизими сифатида белгиланади. 2021 йилда бундай шартномалар учун компания $26,3 млрд тўлаган. Бўлиниш ҳолатида сотувга асосий номзодлар сифатида Chrome браузери, Android тизими ва AdWords реклама платформаси кўрсатилган.

Mavzuga oid materiallar