Президент бош вазир лавозимига Абдулла Ариповни номзод этиб кўрсатди

O‘zbekiston

Шавкат Мирзиёев Қонунчилик палатаси йиғилишида бош вазир лавозимига амалдаги ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов номзодини тақдим этди. Абдулла Арипов юқори ташкилотчилик қобилиятига эга ва ижро ҳокимияти тизимида катта тажрибага эга раҳбар сифатида таърифланди.

Аввалроқ хабар берганимиздек, Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг келгуси 5 йилга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини муҳокама қилиш бўйича йиғилишида иштирок этмоқда эди.

Давлат раҳбари амалдаги бош вазир Абдулла Арипов номзодини тақдим этди. Президент Янги Ўзбекистон янги парламент билан бирга ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичига қадам қўяётганини таъкидлади. Янги даврда эски талаб ва стандартлар асосида иш юритиш мумкин эмаслиги алоҳида қайд этилди.

Шу муносабат билан ҳукумат ўз фаолиятини бутунлай янги асосда ташкил этиши лозим ва бунинг учун унга кучли раҳбар, яъни бош вазир керак.

Давлат раҳбари бу масалани пухта ўйлаб кўргани ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига Абдулла Ниғматович Арипов номзодини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди.

Абдулла Арипов юқори ташкилотчилик қобилиятига эга, ижро ҳокимияти тизимида чуқур билим ва тажрибага эга, ҳамда ўз масъулиятини доимо англайдиган шахс сифатида таърифланди.

Ушбу номзод ҳукумат олдида турган кенг кўламли ва мураккаб вазифаларни ҳал этишда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини самарали ташкил эта олишига, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарларини ягона мақсад сари бирлаштиришига ишонч билдирилди.

Президент Абдулла Арипов номзодини депутатлар муҳокамасига ҳавола этди.

Абдулла Арипов 2016 йилдан бери Ўзбекистон ҳукуматини бошқариб келмоқда. 2020 йил бошида мамлакатда ўтказилган парламент сайловлари натижаларига кўра, у яна ҳукумат раҳбари лавозимига номзод этиб кўрсатилган эди. Парламентдаги овоз беришдан сўнг Абдулла Арипов Вазирлар Маҳкамасини бошқаришни давом эттирди.

Mavzuga oid materiallar