«Медгородок» номи билан машҳур бўлган Саидазиз Саидалиев иши бўйича ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди

O‘zbekiston

Апелляция суди биринчи инстанция судининг Саидазиз Саидалиев ва бошқаларга нисбатан чиқарган ҳукмини ўз кучида қолдирди. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг қарори билан Саидазиз Саидалиев ва яна 22 киши 5 йилдан 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилди. Товламачилик иши бўйича яна 13 нафар маҳкумнинг шикоятлари ҳам рад этилди.

Тошкентдаги апелляция инстанцияси суди Саидазиз Саидалиевнинг («Саидазиз медгородок») ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августдаги ҳукмидан норози бўлган Саидазиз Саидалиев ва яна 13 киши апелляция шикояти берди. 27 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳайъатининг апелляция инстанцияси ишни кўриб чиқиб, ажрим чиқарди.

Ажримга кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилиб, Саидазиз Саидалиев ва яна 13 нафар фуқаронинг апелляция шикоятлари қаноатлантирилмай қолдирилган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августдаги ҳал қилув қарори билан Саидазиз Саидалиев товламачилик, фирибгарлик, жиноий уюшма тузиш, жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш, безорилик каби жиноятларда айбдор деб топилди. У 20 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ундан ташқари яна 22 киши турли муддатга озодликдан маҳрум этилди. Маҳкумлардан 2 нафари ахлоқ тузатиш ишларига, 3 нафари эса озодликни чеклашга ҳукм қилинди. Бир судланувчи содир этган жинояти учун жавобгарликка тортиш муддати ўтиши муносабати билан жазодан озод қилинди.

Бундан ташқари, 16 нафар айбланувчига жабрланувчига етказилган моддий зарарни қоплаш, Саидазиз Саидалиев томонидан жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш натижасида қўлга киритилган мол-мулкдан ушбу мақсадларда фойдаланиш мажбурияти юклатилади.

Mavzuga oid materiallar