Давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беришича, мактубда Ўзбекистон тинч аҳолига қарши қаратилган бу террорчилик ҳаракатини қатъий қоралаши билдирилган.

«Давлатимиз раҳбари вафот этганларнинг яқинларига бардамлик, барча жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни кечқурун Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида номаълум шахслар одамларга қарата ўт очди. ФСБнинг дастлабки маълумотларига кўра, 40 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Ўзбекистон Республикаси элчихонасининг маълум қилишича, мавжуд маълумотларга кўра, терактда ўзбекистонлик фуқаролар қурбон бўлмаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу борада баёнот бериб, «Крокус Сити» савдо марказида содир этилган терактни кескин қоралаган.