Ўзбекистон ҳукумати Тошкент ва Янги Тошкентни иккита метро линияси билан боғлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари, Янги Тошкент шаҳри қурилиш дирекцияси директори Давронжон Одилов «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга узатилган «Менимча» кўрсатувига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Янги Тошкентнинг транспорт-логистика масалалари билан Германия, Жанубий Корея ва Туркия компаниялари шуғулланган.
«Биринчи навбатда, Тошкентнинг макромодел деб аталадиган транспорт модели яратилди. Икки метро линияси янги шаҳар билан — Буюк ипак йўли ва Дўстлик бекатлари орқали боғланади. Янги шаҳарга метрода 30−35 дақиқада етиб бориш имконияти яратилади... Автомобилда юришга ҳожат қолмайди», — дея Адиловнинг сўзларини келтирмоқда «Газета.uz».