Татаристон делегацияси ташриф давомида Термиз халқаро савдо маркази, хусусан, Афғонистонга юклар ўтказиладиган махсус йўлак билан танишди. Шундан сўнг меҳмонларга мазкур савдо марказида амалга оширилаётган лойиҳалар, яратилаётган қулайлик ва имкониятлар намойиш этилди.

Марказ ҳудудида 3 мингдан ортиқ савдо нуқталаридан иборат 4 та савдо комплекси, ҳар бири 300 ўринли меҳмонхона ва ҳостел, қуввати 500 минг тоннага тенг бўлган логистика маркази, 300 кишилик ресторан, тиббий диагностика ва соғломлаштириш маркази, қуввати 5 млн метр куб ҳажмга эга бўлган ишлаб чиқариш ва омборхона бинолари фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда лойиҳалар қурилишининг 80 фоизи амалга оширилган.
Термиз халқаро савдо маркази тўлиқ қувватда ишга туширилгач йилига 120 млн долларлик қўшимча экспорт имконияти яратилади. Шунингдек, марказ ҳудудида алоҳида эркин савдо режими ўрнатилганлиги сабабли экспортчи корхоналарга қўшимча қулайликлар яратилиб, барча хизматлар «ягона дарча» тамойили асосида амалга оширилади.
Томонлар келгусида Термиз халқаро савдо маркази имкониятларидан фойдаланган ҳолда лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ҳам кўриб чиқишди.
Термиз туманида жойлашган «Меҳмонлар уйи» комплексида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов иштирокида делегацияларнинг кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтди.

Татаристон ва Сурхондарё ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичда ривожлантириш бўйича ўтказилган учрашув якунлари юзасидан икки ҳудуд раҳбарлари томонидан баённома имзоланди.
