Унинг сўзларига кўра, тадбирнинг жуда катта меҳнат талаб қилиши туфайли унинг молиявий ва техник томонлари кўриб чиқилиб, тизим такомиллаштирган ҳолда жараённи 2025−2026 йилларда ўтказиш режа қилинган.
«2019 йилда аҳолини рўйхатга олиш ишлари бошланганди. 2021 йилда 4 та ҳудудда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказдик. Бунда аҳолини рўйхатга олишнинг 3 та усулини тестдан ўтказдик. Ҳозир республика бўйича аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширишни режалаштиряпмиз. 2020 йилда пандемия туфайли бу тадбир қолдирилди», — деди у.
Жумладан, агентликка аҳолини рўйхатга олишни аҳолининг кенг оммасига тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланиш учун видеоролик, баннер, флаер ва буклетлар тайёрлаш, 2021 йилда ўтказилган синов натижалари ва халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида аҳолини рўйхатга олиш саволномалари шаклларини такомиллаштириш вазифалари юклатилди.
Бундан ташқари, агентлик халқаро тажриба ва экспертларнинг тавсиялари асосида «Аҳолини рўйхатга олиш» ахборот тизимини такомиллаштириши ва рўйхатга олиш натижалари чиқувчи жадваллар намуналарини шакллантириши, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режасини ишлаб чиқиши керак.
Ўзбекистонда 34 йилдан бери (1989 йилдан бери) аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Пандемия сабабли у 2022 йилдан 2023 йил ноябрига кўчирилди, бироқ тадбир учун ҳалигача пул ажратилмаган.