Ўзбекистонда эски автомобилларни янгисига алмаштиришда субсидиялар берилади

O‘zbekiston

Ўзбекистонда аҳолига «зарарли» автомобилларни «тоза»сига алмаштириш учун субсидиялар тизими жорий этилади. 1 июндан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида автотранспорт воситаларининг стандартларга мувофиқлик даражасини бепул аниқлаш мумкин бўлади.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг қароридан келиб чиқиб, эски автомобилларни янгисига алмаштиришда субсидиялаш тизими жорий этилади.

Ҳужжатга кўра, тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига тўғри келмайдиган транспорт воситалари учун экологик компенсация тўловлари жорий этилиши ёки тегишли экологик зоналар ҳудудида улардан фойдаланиш чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бир ой муддатда «зарарли» тоифадаги автомобилларни «тоза» тоифадаги автомобилларга алмаштириш учун аҳолига субсидиялар ажратиш тизимини жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш топширилди.

Вазирлик, шунингдек, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва унинг ифлосланишининг олдини олишга қаратилган «замонавий ёндашувга асосланган» чора-тадбирларни молиялаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши керак.

Автомобиллар тегишли равишда «яшил», «сариқ» ва «қизил» стикерлар билан белгиланган «тоза», «ўрта» ва «зарарли» экологик тоифаларга бўлинади.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.