Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди йўловчига шилқимлик қилган ҳайдовчини беш сутка қамоқ жазосига ҳукм қилди. «Взгляд.uz» суд материалларини ўрганди.
Маълумотларга кўра, воқеа 2023 йил 11 ноябрь куни соат 17:20 да Чилонзор туманидаги Халқлар дўстлиги саройи олдида содир бўлган. Аёл Спаркъни тўхтатиб, унга ўтирган. Йўлда 30 ёшли ҳайдовчи аёлнинг оёғига тегиб, беҳаё сўзларни ишлата бошлаган. Аёл айбланувчининг сўзларини ёзиб олган ва суддан унга қонуний чора кўришни ҳамда маънавий зарар ундиришни сўраган.
Судда эркак узатмалар қутиси ричагини алмаштирганида тасодифан аёлнинг оёғига тегиб кетганини айтди. Бу ҳолатни инобатга олиб, адолатли қарор қабул қилишни сўради.
Суд ҳайдовчини Маъмурий жавобгарлик кодексининг 41-1-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 5 сутка қамоқ жазоси тайинлади.
