Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати 3 апрель куни Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига 39 ҳафталик ҳомиладор 31 ёшли аёл қорин ва белдаги оғриқлар шикояти билан ётқизилгани ҳақида хабар берди.
«Эртаси куни онанинг аҳволи бирдан ёмонлашди. Реанимация чоралари кўрилди. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, аёл вафот этди», — дейилади хабарда.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, аёлнинг туғуруқ вақтида ўлимига юрак ишемик касаллиги, ўткир ишемик етишмовчилик, юрак мушаклари гипертрофияси ва ўткир миокард инфаркти сабаб бўлган. Сурункали касалликлар, шунингдек, 3-даражали семизлик ҳам асоратларни келтириб чиқарган.
Бола ҳам вафот этди. «Интраутерин ҳомила асфикция, антенатал ҳомила ўлими» ташхиси қўйилди.
Мазкур факт юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.