Толибон Ўзбекистон, Қозоғистон ва Эрон билан янги мева экспорти бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда Саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизий Ariana Newsʼга маълум қилди.
Аввалроқ Афғонистондаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ўрим-йиғим мавсуми бошланишидан олдин мевалар учун янги бозорлар топишни илтимос қилиб, Толибонга мурожаат қилган эди.
Қайд этилишича, Покистон афғон мева ва резаворларининг ягона харидори бўлиб қолган. Афғонистон бу мамлакатга узум, олма ва анор экспорт қилади.
«Маҳсулотларимизни Покистондан бошқа бозорларда сотиш имкониятлари кўп. Умид қиламанки, расмийлар бу ҳақда ўйлаб кўради. Эрон орқали Жанубий Осиё ва Форс кўрфази мамлакатлари бозорларига, Ўзбекистон орқали эса Марказий Осиё бозорларига чиқиш учун замин тайёрлаш керак», — дейди иқтисодчи Муҳаммад Наби Афғон.