Умрани лицензиясиз ташкил қилганлик учун катта миқдорда жарима солинади

Ўзбекистон

Олий Мажлис Сенати Умра зиёратини такомиллаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Умра фаолиятини лицензиясиз амалга ошириш ёки қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда лицензия олиш қарийб 70 млн сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Фото: ситуативное

Олий Мажлис Сенати Умра зиёратини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Ялпи мажлисда сўнгги йилларда Умра зиёратини зиёрат қилиш чоғида фуқаролар томонидан турли муаммоларга дуч келиш ҳолатлари кўпайгани таъкидланди.

«Туризм билан шуғулланаётган айрим тадбиркорлар рекламаларда берган ваъдаларини бажармайди, манзилга етиб боргач, меҳмонхоналар билан боғлиқ муаммолар юзага келади, кўп ҳолларда зиёратчиларнинг парвозлари кечиктирилади», — дейилади хабарда.

Ҳужжат билан «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ҳамда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунларга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Аниқлик киритилишича, Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича лицензияланадиган фаолиятнинг янги тури жорий этилмоқда. Лицензия Дин ишлари бўйича қўмита томонидан берилади, уни олиш учун БҲМ 10 баравари (3,4 млн сўм) давлат божи ундирилади.

Рухсат ва тегишли ҳужжатлар талаб қилинадиган фаолият турлари қаторига электрон давлат харидлари тизимининг оператори сифатида фаолият юритиш учун рухсат олиш ҳам киради.

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-қоидалари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга ундириладиган жарималар рўйхатига ҳам қўшимчалар киритилмоқда.

Умра фаолиятини лицензиясиз амалга ошириш ёки қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда лицензия олиш 200 БҲМ (68 млн сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид материаллар