Ўзбекистонда 14 032 нафар ўқитувчи мутахассис тоифасини олиш учун керакли балл тўплай олмаган. Бу маълумот Миллий малака тести натижаларидан олинган, деб хабар берди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги.
Имтиҳонлар 15 апрелдан 20 майга қадар бўлиб ўтди. Тест синовларида жами 189 929 нафар ўқитувчилар 41 та фан ва йўналишлар бўйича тест синовларида қатнашди.
Энг юқори натижаларни Бухоро вилояти (ўртача балл 62,53 балл), Хоразм вилояти (60,5 балл) ва Тошкент шаҳри 60,15 балл) ўқитувчилари кўрсатди.
Аттестация натижаларига кўра педагог кадрларнинг 8 913 нафари (4,7 фоиз) олий тоифа, 25 261 нафари (13,3 фоиз) биринчи тоифа, 46 662 нафари (24,6 фоиз) иккинчи тоифа ва 11 036 нафари (5,8 фоиз) мутахассис тоифасига эга бўлишди. Шунингдек, 14 032 нафар (7,4 фоиз) педагог мутахассис лавозими учун етарли балл тўплай олмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда олий ўқув юртлари, коллежлар ва техникумлар учун имтиҳонлар янги тизим — «аввал тест, сўнг танлов» бўйича ўтказилади. Яъни агар абитуриентлар олий ўқув юртига кириш учун етарли балл тўпламаса, касб-ҳунар таълими муассасаларига кириш учун биттадан тест синовидан ўтади.