Ижтимоий тармоқларда қиз ҳаракатланаётган машина ойнасидан танасини чиқариб, беҳаё имо-ишоралар қилгани акс этган видео тарқалди.
Андижон вилояти ЙҲХБ хабарига кўра, ушбу ҳодиса 4 июнь куни соат 23:50 атрофида Андижон шаҳрида содир бўлган.
Gentra русумли автомашинада бўлган 17 ёшли йўловчи танасини ташқарига чиқарган ва ўзини ноўрин тутган. Автомашинани 20 ёшли фуқаро тегишли ҳужжатларсиз бошқарган ва ЙПХ ходимларининг талабларига бўйсунмаган.
Ҳуқуқбузарлар билан профилактик суҳбат ўтказилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга тақдим этилган.