Экология вазирлиги ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти директори, техника фанлари доктори Бахтиёр Пўлатов Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (IUCN) иқлим инқирози бўйича комиссиясига аъзо бўлди, деб хабар берди вазирлик ахборот хизмати.
Ўзбекистоннинг комиссияга аъзолиги халқаро ташкилотлар ва илмий экспертлардан олинган энг яхши илмий маълумотлар ва хулосалар асосида самарали, адолатли ва экологик тоза ечимларни илгари суриш имконини беради.
IUCN Иқлим инқирози бўйича комиссиясига аъзо бўлиш орқали Ўзбекистон экологик ва иқлим ўзгариши бўйича глобал кун тартибини шакллантирадиган миллий ташаббусларни халқаро майдонда тарғиб қилиши мумкин.
Маълумот учун, Ўзбекистон 2021 йилда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқига аъзо бўлди. IUCN дунёдаги энг биринчи ва энг йирик табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти бўлиб, ҳукумат ва фуқаролик жамияти ташкилотларидан иборат. У Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида кузатувчи мақомига эга ва бутун дунё бўйлаб 1400 дан ортиқ аъзо ташкилотлар ва 16 000 дан ортиқ экспертларнинг тажрибаси, ресурслари ва имкониятларидан фойдаланади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон IUCN билан ҳамкорликни фаол оширмоқда. Аввалроқ, жорий йилнинг февраль ойида юртимиздаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида («Green University»)
Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг ваколатхонаси очилган эди.