Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати фирибгар қўлга олингани ҳақида маълум қилди.
Ички ишлар органларига Тошкент шаҳрида яшовчи 22 ёшли фуқаро мурожаат қилган. Унда номаълум фуқаро фирибгарлик йўли билан унинг 200 000 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштириб олганини айтган.
Маълум бўлишича, нотаниш шахс жабрланувчи билан Instagram ижтимоий тармоғида боғланиб, унга 20 000 дона Notcoin сотиб олишни таклиф қилган. Фирибгар аванс сўраган, шундан сўнг у пулни олган ва алоқани тўхтатган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқаро содир этгани аниқланган. Унга нисбатан жиноий иш очилган. Ҳозирда унинг бошқа шунга ўхшаш жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 7 июнь куни Тошкент суди Telegram мессенжери орқали Нотcоин криптовалютасини сотган Термиз давлат университети битирувчисини айбдор деб топганди. Айбланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди ва 10 суткага қамоқ жазосига ҳукм қилинган.