Термиз давлат университетининг 24 ёшли битирувчиси ноткоин сотгани учун маъмурий қамоққа олинди. Суд уни криптоактивлар муомаласини тартибга солувчи қонунчиликни бузганликда айбдор деб топди.
Сурхондарё вилояти Узун туманида туғилган, Термиз давлат университети битирувчиси фуқаро И.Н. ноткоин криптовалютасини сотгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Суд ҳужжатида (таҳририятга тақдим этилган) маълум бўлишича, 2024 йил 1 июнь куни Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасида рўйхатга олинган фуқаро Н.А.нинг аризасига асосан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида фуқаро И.Н.нинг телефон ва банк пластик картасидан фойдаланган ҳолда криптоактивлар билан ноқонуний операцияларни амалга оширганлиги аниқланди.
Суд мажлисида И.Н ўз айбига иқрор бўлиб, ўзининг қилмиши қонунга хилофлигини билмаган ҳолда Telegram мессенжерида криптоактив сотиб олганини, ноткоинни 800 минг сўмга сотганини маълум қилди. У суддан унга енгиллик беришни сўради.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан жиноят иши кўриб чиқилиб, И.Н.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155-4-моддаси 1-қисми (Криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топди. Жазо сифатида у 10 суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, суд унинг Aloqa Bank пластик картаси ва айбланувчи фойдаланган Галахй А30 смартфони йўқ қилинишини белгилади.