Ўзбекистон «Крокус Сити Холл»даги теракт қурбонларининг россиялик оилалари фарзандларини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси хабар берди.
Терактдан жабр кўрган болалар таътилни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Анор» болалар соғломлаштириш оромгоҳида ўтказади. Оромгоҳда жами 100 нафар бола дам олади. Бундан ташқари, ҳар бир болага планшет, спорт кийимлари ва бошқа совғалар тақдим этилади.
«Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан амалга оширилаётган ташқи сиёсат стратегиясида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари устувор аҳамият касб этади. Бу борадаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар самарасида бугунги кунда қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. Шу кунларда ижтимоий лойиҳа амалга оширилиб, унинг доирасида Москвадаги «Крокус Сити Холл»да содир бўлган воқеалардан жабрланган оилаларнинг 100 нафар ўғил-қизлари мамлакатимиздаги «Анор» болалар реабилитация марказида дам олиш учун Ўзбекистонга келди», — дейилади хабарда.
Очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида номаълум шахслар ўт очган. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва ярадорлар бор.