Жанубий Кореянинг 840 мингга яқин фуқароси президент Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилинишини талаб қилган петицияга имзо чекди. Бу маълумотни мамлакат парламенти сайтида эълон қилинган хабар тасдиқлади.
Ғарб матбуоти хабарларига кўра, петицияга имзо чекишни хоҳловчилар сони кўп бўлгани учун парламент сайти вақтинчалик юкни кўтара олмаган. Сўнгги кунларда кўпчилик ҳужжатни онлайн имзолаш учун бир неча соат навбат кутишга мажбур бўлган.
Мурожаат 20 июнь куни веб-сайтда пайдо бўлди. Жанубий Корея қонунчилигига кўра, бир ой ичида 50 мингдан ортиқ овоз олган ҳар қандай петиция парламент қўмитаси томонидан кўриб чиқилиши керак.
Мурожаатда президент Юн Сок Ёль мамлакат дуч келаётган инқирозлар туфайли истеъфога чиқиши кераклиги таъкидланади. Улар орасида Жанубий Корея ва КХДР ўртасидаги кескин муносабатлар, ёмонлашган иқтисодий вазият ва коррупция бор.
Парламентда кўпчиликни ташкил этувчи ва президент жамоаси аъзоси бўлмаган Демократик партия ҳужжатни кўриб чиқиш санасини ҳали белгилагани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 13 июнь куни Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль рафиқаси билан давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келганди. Олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортган. Кейин Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль Самарқандга борган. Ундан аввал президентлар Тошкентда бўлиб ўтган бизнес-форумда иштирок этиб, Кореянинг 80 дан ортиқ компанияси ва йирик молия институтлари раҳбарлари учрашганди. Белгиланишича, Ўзбекистон ва Жанубий Корея минтақада яримўтказгич маҳсулотларининг биринчи кластерини яратади.