Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида Самарқандга келди. Тошкент халқаро аэропортида унга Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ва бошқа расмий шахслар ҳамроҳлик қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль Ўзбекистон–Корея бизнес-форумида иштирок этган эди. Унда Кореянинг 80 дан ортиқ компания ва молия институтлари, жумладан, SK Group, Lotte Corporation ва Samsung каби йирик ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Форумда 9,6 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари пакети тақдим этилди. Ҳамкорлик доирасида стратегик хомашёни илғор Корея технологияларидан фойдаланган ҳолда қайта ишлаш ва юқори ликвидли маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган.
Ўта юпқа мис фольга биргаликда ишлаб чиқариш бўйича ҳам шартнома имзоланди. Ноёб металлар бўйича Ўзбекистон-Корея илмий-технологик марказини кенгайтириш режалаштирилган.
Электротехника соҳасида Марказий Осиёда биринчи яримўтказгичли маҳсулотлар кластери Тошкент вилоятида яратилади. Шунингдек, электротехника ва техник кремний ишлаб чиқаришни ривожлантириш режалаштирилган.
Ўзбекистон Корея билан кимё саноати соҳасида стратегик ҳамкорликни ривожлантириш ниятида. Яшил водород ва каучук маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар қўллаб-қувватланади. Корея раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи Эксимбанк ва KOICA кўмагида Кимёвий технологиялар марказини ташкил этишнинг бошланиши бўлди.
Автомобилсозлик соҳасида KIA билан биргаликда Жиззах вилоятида замонавий автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корея корхоналари янги моделлар ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиришда иштирок этишга таклиф қилинди.
Саноат кооперациясидан ташқари, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган «яшил» иссиқхоналар ташкил этиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шу мақсадда қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилади.