Жорий йилнинг 15 июль куни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Корзинка компаниясига нисбатан текширувни бошлаганди. Бунинг сабаби, мутахассисларнинг фикрига кўра, истеъмолчиларни чалғитиши мумкин бўлган реклама бўлган.
Эълонда маълум нарсаларга «энг арзон нарх» деб ёзиб қўйилган. Бироқ маълум бўлишича, ушбу товарларнинг нархи бошқа супермаркет ва бозорлардаги каби бўлган. Шунинг учун қўмита реклама истеъмолчиларни алдаши мумкин деган хулосага келди.
Икки кундан сўнг, 17 июль куни компания «Реклама тўғрисида»ги ва «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларни бузганликда айбдор деб топилди. Компанияга молиявий жарима солинган, шунингдек, реклама қонунчилиги бузилишини бартараф этиш учун бир ой муддат берилган.
Компаниянинг бош директори Руд Педерсеннинг айтишича, 2022 йил май ойида бошланган энг паст кунлик нархлар дастури вақтинчалик реклама эмас, балки компания учун янги нарх стратегиясидир.
Қолаверса, Korzinka ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини билдириб, қўмитага қарши иш қўзғатган.
«Биз, аввалгидек, қонунчиликка зид ҳаракат амалга оширмаганимиз, деб ҳисоблаймиз. Айниқса, қарор матни ва кўрсатмалар билан танишиш имконимиз йўқ бўлган ҳозирги ҳолатда, қўмитанинг ушбу баёнотини ҳам асоссиз деб ҳисоблаймиз», — дейилади компания баёнотида.
Repost.uz таъкидлаганидек, супермаркетларда «Энг арзон нарх» белгиси остидаги товарларни ҳали ҳам учратиш мумкин. Бундан ташқари, акция турли блогерлар, Telegram каналлар ва компаниянинг расмий ресурсларида фаол реклама қилинмоқда, деб ёзади нашр.