Вагнер ХҲК таркибида жанг қилган ўзбекистонлик тўрт йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди

O‘zbekiston

Тошкентда суд 48 ёшли ўзбекистонликни ёлланма аскарликда айбдор деб топиб, 4 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди. У илгари Вагнер ХҲК таркибида Украинада жанг қилган, шунингдек, Евгений Пригожиннинг «адолат юриши»да ёрдам берган.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани жиноят ишлари бўйича суди 21 август куни 48 ёшли ўзбекистонликка Вагнер ХҲК таркибида жанговар ҳаракатларда иштирок этгани учун ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

Аниқланишича, маҳкум Россияга ишлаш учун кетган. У дастлаб турли жойларда ёлланма ишчи бўлиб ишлаган, кейинчалик ижтимоий тармоқлардаги эълон орқали «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ишга қабул қилинган.

Ўзбекистонликка ички тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиш, берилган вазифани сўзсиз бажариш, бошқа ҳарбий хизматчилар ҳақидаги маълумотлар билан қизиқмаслик топширилган. Бошқа мажбуриятлар қаторида, агар ўртоқлари жанг майдонидан қочиб кетса, уларни отиб ташлаш ҳам бор эди.

Ёллангач, у 21 кун давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтган. Сўнгра Луганск, Беларус ва Подолскдаги (Россия) ҳарбий базаларда хизмат қилиб, ҳарбий операцияларда иштирок этган. Жанговар ҳаракатлардаги иштироки учун Донетск Халқ Республикасининг «Артемовскни озод қилиш учун» медали билан тақдирланган.

Судда у ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини ва бу ишни оғир турмуш шароити туфайли бажарганини маълум қилган.

Суд ҳукмига кўра, З.Б. Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланма аскарлик) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан ЖКнинг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 4 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.