Президент «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш, камбағал оилалар реестрини шакллантириш ва ушбу реестрга кирувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини назарда тутувчи фармонни имзолади.
«Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш чора-тадбирларини янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, жорий йилнинг қолган даврида 500 минг аҳолини, 2025 йилда эса 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгиланди.
Шунингдек, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури амалга оширилади ва уни амалга ошириш бўйича республика комиссияси тузилади. Дастур 1 ноябрдан бошлаб «Камбағал оилалар учун етти имконият ва масъулият» тамойилига мувофиқ ишлайди ва барқарор бандликка эришиш, таълим олиш, кафолатланган давлат тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, турмуш шароитларини яхшилаш ва бошқаларни назарда тутади.
2024 йил 1 декабрдан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан «маҳалла еттилиги» томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароитлари ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш натижалари асосида камбағал оилалар реестри шакллантирилади.
2025 йил 1 январдан:
кам таъминланган оилаларнинг болаларига нафақа ва моддий ёрдам олувчи расмий банд бўлмаган оила аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда, ушбу нафақа ва моддий ёрдамларни тўлаш муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга давом эттирилади;
Камбағал оилалар реестрига киритилган, МҲEКМнинг 1,5 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ойлик иш ҳақи билан ишга жойлаштирилган оила аъзосига ижтимоий солиқ 3 йил давомида 1% ставка бўйича тўланади;
камбағал оилаларни ижтимоий шартнома асосида қўллаб-қувватлаш чоралари меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқаларидан самарали фойдаланиш, таълим олиш, оила аъзолари, шу жумладан, фарзандлари касб-ҳунар эгаллаши ва хорижий тилларни ўрганиши, шунингдек, уларнинг соғлиғини назорат қилиш, уй-жойларини озода сақлаш каби шартларни инобатга олган ҳолда амалга оширилади.